«Цементчи» болалар оромгоҳи
"Цементчи" болаларни соғломлаштириш оромгоҳи бу ёзда 450 нафар мактаб ўқувчисини хурсанд қилади, уларнинг кўпчилиги «Бекободцемент» ОАЖ ходимларининг фарзандларидир. Бу ерда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкциялаш ва тубдан таъмирлаш бўйича мақсадли дастур доирасида катта ишлар амалга оширилган.
Эндиликда "Цементчи" нафақат хордиқ чиқариш, балки ижодий ривожланиш, спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган замонавий соғломлаштириш марказидир. Биринчи сменанинг 150 нафардан ортиқ дам олувчилари янгиланган бешта ётоқ корпуси, ошхона, кино зали, тиббиёт пункти, сузиш ҳавзаси, рақс ва спорт майдончаларига муносиб баҳо бериб улгуришди. Болалар билан 37 та педагог ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ишламоқда. Ўғил ва қиз болалар учун улар қувонч ва аъло кайфият муҳитини яратдилар. Компьютер саводхонлиги, тасвирий санъат, рақс кружоклари, спорт секциялари фаолият юритмоқда.
- Корхонамизда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга катта аҳамият берилади. Оромгоҳни таъмирлаш ана шундай ғамхўрликнинг ифодасидир, - дейди «Бекободцемент» ОАЖ касаба уюшмаси қўмитасининг раиси Азамат Худоёров. – Йилдан-йилга ходимлар ва уларни оилаларининг ижтимоий муҳофазаси яхшиланиб бормоқда. Ўтган йилда жамоа шартномаси талабларини бажаришга тўрт миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу йил эса харажатлар янада кўпайтирилди. Республика санаторийлари ва дам олиш уйларига кўпроқ йўлланмалар ажратмоқдамиз. Қизиқарли маданий дастурни таъминляпмиз. Меҳнаткашларга ижтимоий тўловларга эътибор қаратмоқдамиз.